2023 йилнинг 31 декабрь оқшомида Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга йўллаган байрам табригида 2024 йил  – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон килиниши, шу юртнинг фаол фуқароси ва бевосита ёшлар билан ишлаётган раҳбар сифатида шахсан мени жуда қувонтирди.

Янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтирилиши, илм-фан, инновация, “яшил” ва рақамли технологияларни, IT соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун ташланган навбатдаги катта қадам бўлди.

Жаҳон саноатида тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш етакчи ўринлардан бирини эгалламоқда. Маҳсулотлар ассортиментининг турлари кенгаймоқда ҳамда уларга қўйилаётган талаблар ҳам жадал суръатларда ошиб бормоқда.

Дунё миқёсида тўқимачилик бозорининг 2022 йилдан 2030 йилгача йиллик 4,0% га ўсиши ва Global Textile Market Size & Share Report ҳисоботига кўра 2030 йилга бориб 1 420,3 миллиард долларга етишини ҳисобга олсак, бу соҳа илғор технологияларни амалиётга жорий этишни тақозо этади.

Бугун тўқимачилик саноати Наманган вилоятининг драйверига айлангани сохада юқори даромадли иш ўринларини яратишга замин яратди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этилиши, илғор рақамли технологияларни бошқарадиган ва амалда қўллай оладиган замонавий билимларга эга кадрларни тайёрлашга пойдевор бўлмоқда.

2024 йилни  – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилиниши тадбиркорларни ўз фаолиятларини кенгайтиришга қатор имтиёзларни беради. Бир сўз билан айтганда, янги бошланган йил барча юртдошларимиз учун баракали ва мазмунли бўлади деган умиддамиз.

Қурбанали Холиқов, Наманган тўқимачилик саноати институти ректори, профессор.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan